Бугун тез, осон, қулай, масофадан туриб, банк хизматларидан фойдаланишни истаймиз. Аслида эса бундан 5-6 йил аввал банкдан кредит олиш тугул банк картасидаги пулни нақдлаштиришнинг ўзи ҳам муаммо эди.
Ҳозирда мобил телефон орқали банк хизматларидан фойдаланиш тури ҳам кўпайиб бормоқда. Ҳеч ким инкор эта олмайди. Бундан 5 йил аввал мамлакатимизда нақд пул ёки валюта масалалари жуда мураккаб эди. Бугун эса нақд пул ёки банк картаси билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ.
2017 йил валюта бозоридаги тарихий ўзгаришларга старт берилди. Аҳоли ва тадбиркорлар томонидан чет эл валюталарининг сотилиши ёки сотиб олиниши борасида аввал мавжуд бўлган барча чекловлар бекор қилинди. Тижорат банкларига хорижий валютани операцияларни амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти тугатилди.
Шунингдек, 2019 йил валюта бозоридаги атмосфера буткул ўзгарди. Узоқ йиллик танаффусдан сўнг жисмоний шахслар учун валюта айрибошлаш шохобчалари орқали нақд хорижий валюта сотуви яна жорий этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизда 2017 йилнинг сентябридан валюта сиёсатини либераллаштириш натижасида валютани тартибга солиш тизими тубдан ислоҳ қилинди. Юртимизда фақатгина бозор механизмига асосланган валюта бозори шакллантирилди. Ички валюта бозорида маблағларни конвертация қилиш билан боғлиқ бўлган жараёнлар тубдан соддалаштирилди.
Қолаверса, жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш борасидаги мажбурий декларация қилиш тартиби 2 минг АҚШ долларидан 70 миллион сўм эквивалентгача бўлган миқдорга кўпайтирилди. Жисмоний шахслар томонидан чет элга нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиш миқдори қарийб икки баробарга оширилиб, 100 миллион сўм эквивалентида белгиланди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ички валюта бозоридаги операциялар ҳажми кескин ошди. Иштирокчилар сони ҳам кўпайди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йил валюта бозори иштирокчилари учун навбатдаги катта қадам ташланди. Яъни валюта биржасида валюта олди-сотдиси онлайн платформа орқали амалга оширила бошлади. Тижорат банкларига мижозлар валюта операцияларини тўғридан-тўғри бажариш имконияти тақдим этилди. Биринчи навбатда тижорат банклари мижозларга зарур бўлган маблағларни валюта биржасига чиқмасдан туриб, тўғридан-тўғри алмаштириш имконияти яратилди. Бу эса тадбиркорлар учун зарур бўлган маблағларни тезкорлик билан алмаштириш имкониятини беради. Қолаверса, тадбиркорларга тижорат банкларини танлаш имкониятини оширди.
Кейинги ўзгаришлардан яна бири валюта биржасидаги савдолар янги замонавий аукцион усулда амалга оширилмоқда. Энди тижорат банклари кун давомида яъни, эрталаб соат 10 дан 15 гача бўлган вақт оралиғида онлайн платформа орқали хорижий валютани сотиши ёки сотиб олиши учун имконият яратилди.
Маълумки, тижорат банклари бир кунда 10-15 дақиқа давомида валюта биржа савдоларида қатнашишлари мумкин эди. Эндиликда татбиқ этилган амалиёт тижорат банкларига кун давомида мазкур амалиётларга қатнашишлари учун имконият берди.
Бундан ташқари, тижорат банкларига, ҳам хорижий валютадаги ҳам миллий валютадаги маблағларни бошқаришда янада эркинлик бериш мақсадида валюта биржасида амалга оширилган битимлар бўйича ҳисоб-китобларни битим амалга оширилгандан кундан кейин амалга ошириш жорий этилди.
Ишонч билан айтиш мумкин, валюта бозорини либераллаштириш йўлидаги ислоҳотлар, бизнесни олдинга силжитди. Тадбиркорларни янада рағбатлантирди.
– Кўп йиллар давомида шунақа парадокс ҳолатлар мавжуд эдики, бунда тадбиркорлар, агар бизнес билан шуғулланса, албатта қонунни бузиш ҳолатларига дуч келар эди, - дейди тадбиркор Иномжон Назаров. – Тадбиркор бизнесини режалаштираётганда 1-2 йилга режалаштирар эди. Ҳеч ким 10 йил 20 йиллик планлар, режалар тузмас эди.
Охирги 5 йилда иқтисодиёт соҳасида амалга оширилган энг катта, муҳим ислоҳотлардан бири, валюта сотиб олиш ва сотиш жорий этилгани деб ҳисоблайман. Бу бизга жуда катта қулайлик ва шартнома бўйича олган ҳужжатларни ўз вақтида амалга ошириш учун ишонч ва қонуний асос беради.
Ҳозирги кунда барча конвертация жараёни онлайн. Банк бизга ярим соат, бир соат ичида валютани олиб беради. Бу амалга оширилаётган революцион сиёсат анча қулайликлар яратди. Чет эл ҳамкорларимиз олдида ўзимизнинг мажбуриятларимизни ўз вақтида бажарганимиз учун ҳамкорлигимизга, юртимизга бўлган ишонч ортди.
Энг муҳими, ҳозирда кўпчилик тадбиркорлар банкдан мамнун бўлмоқда. Қолаверса банкларда давлат аралашуви камайгани ҳисобига тадбиркорларнинг банкка бўлган ишончи ошмоқда.
Бундан ташқари, банк картасидан пул ечишда чеклов бўлган. Картадан бир кунда фақат 100 минг сўм ечиш мумкин эди. Ҳозирда банкоматларда банк картасидан хоҳлаган сўмингизни ечишингиз мумкин. Ҳар қадамда банкоматлар хизматга шай. Буни 5-6 йил олдин фақат орзу қилардик...
Шу кунгача аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган автоматлаштирилган валюта айрибошлаш шохобчалари сонида ҳам ўсиш кузатилди. Мисол учун, 2018 йилда 218 та мана шундай шохобчалар мавжуд эди. Бу кўрсаткич 2020 йилда 1 минг 376 тага, жорий йилнинг ўтган 6 ойида республикада 251 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 343 та 24/7 режимда ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати ишга туширилди.
Бугунги кунда уларнинг сони 3970 тани, ташкил этмоқда. Ўсиш тенденцияларини ички валютадаги операцияларда ҳам кўриш мумкин. Яъни 2021 йилнинг январь ойида маҳаллий бозордаги операциялар ҳажми 1, 5 миллиард долларни ташкил этади. 2018 йил билан солиштирганда бу кўрсаткич 2.1 баробарга ошди.
ЯНА БИР МУҲИМ ЎЗГАРИШ...
Тизимдаги яна бир муҳим ўзгариш. Бу нақд пул муомиласидаги эркинликлар билан банк карталаридаги маблағларни нақдлаштириб олиш билан боғлиқ муаммоларнинг барҳам топганидир.
Мисол учун, 2017 йилда банк карталаридан нақдлаштириш ҳажми 3,1 триллион сўмга тенг бўлган. 2020 йилда бу кўрсаткич 62,2 триллион сўмни ташкил этган ёки нақдлаштириш ҳажми қарийб 20 баробарга ошган.
Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда республикамизда жами 12 мингдан ортиқ банкоматлар мавжуд.
Ўзбекистонда тўлов тизимлари инфратузилмаси ривожланиб бормоқда. Бу эса аҳолига қулайлик яратишга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ўрнатилган тўлов терминаллари сони 433 минг 384тани ташкил этади. Муомаладаги банк карталари эса, 27 миллиондан ошди.
Масофавий банк хизматларидан фойдаланаётганлар 20 миллиондан ошди. Банк хизматларидан фойдаланаётганлар сони кўпайиши билан тўлов ўтказмалари миқдори ҳам кўпайиб бормоқда. 2021 йил давомида банклараро тўлов тизими орқали 2785 триллион сўмдан ортиқ тўлов амалга оширилган. Бу 2020 йилга нисбатан 47 фоизга ошганини кўрсатади.
– Бугунги кунда аҳоли гавжум жойларда банкоматлар ўрнатилгани бизга жуда қулай бўлмоқда, – дейди тошкентлик Нигина Жалолова. – Илгари банк картасидан пулни нақдлаштиришда чекловлар бўлган. Бир кунга 100 минг 200 минг сўмгача пул ечиш мумкин эди. Ўшанда 100 минг сўмдан 15-20 фоиз ушланар эди. Ҳозир эса 1 фоизни ташкил этади. Қолаверса, метро, бекатларда дўконлар атрофида банкоматлар 24 соат ишлайди. Хоҳлаган вақтингиз истаганингизча картадан нақд пул ечиб олишингиз мумкин.
Яна бир маълумот, хизматларни рақамлаштириш уларни масофадан туриб фойдаланиш имконини бермоқда. Масалан, банкларнинг мобил иловалари орқали картадан картага пул ўтказиш, солиқ, бюджет, коммунал тўловларни амалга ошириш, микороқарз олиш ёки кредитларни сўндириш, банк картасидан фойдаланмасдан чакана савдо ёки пуллик хизмат кўрсатиш пунктларида контактсиз тўловларни амалга ошириш ва албатта омонатларни онлайн расмийлаштириш мумкин.
Масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони ошишини таъминлайди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони 12 миллион, жорий йилда бу кўрсаткич 20 миллиондан ошди. Ваҳоланки, 2018 йилда масофавий хизматларга 4.2 миллион фойдаланувчи мурожаат қилган.
Бир сўз билан айтганда, йилдан-йилга банк хизматларининг сифати ва улардан фойдаланиш имкониятларининг жозибадорлиги ошиб боряпти. Банк-молия соҳасида мижозлар учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА